Террористик ташкилотларга тегишли материалларни тарқатган бир гуруҳ ёшлар ушланди

Ижтимоий тармоқларда диний экстремистик мазмундаги материалларни тарқатиш билан шуғулланган бир қатор ёшлар аниқланди. Бу ҳақда давлат ҳафсизлик ҳизмати ҳабар берди.

Бир қарашда оддий қизиқиш сифатида маълумот олиш ёки мазмунли мулоқот деб кўринган саҳифалар ортида, аслида инсоннинг ҳаёти ва келажагини барбод қилишга олиб келадиган хавфли тузоқлар мавжуд, — дейилади хабарда

Жумладан, 2004–2006 йилларда туғилган бир гуруҳ ёшлар диний қизиқиш ниқоби остида Telegram мессенжерида канал яратиб, унда Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган «Ироқ ва Шом ислом давлати» ҳамда «Туркистон ислом ҳаракати» террористик ташкилотларига тегишли аудио-видео материаллар ва даъватларни тарқатиш билан шуғулланишгани аниқланган.

Шунингдек, ақидапарастлик ғоялари билан заҳарланган бу ёшлар Суриядаги қонли жангларга қўшилиш ниятида ўзаро фикр алмашиб, «жиҳод», «ҳижрат» ва «шаҳид» каби ёлғон шиорларни ҳаётий мақсад деб билишган.

Шу билан бирга, улар Instagram тармоғи орқали ҳам шахсий профиллар яратиб, тақиқланган материалларни тарқатишган ва янада кўпроқ ёшларни тузоққа туширишга уринишган.

Натижада, тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур шахслар ушланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Ҳодисалар