Андижонда экстремистик фаолиятда гумон қилинган жамоа фош этилди
Андижонда жиҳодчилар оқимига алоқадор яширин жамоат фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, У.А. етакчилигида тузилган 12 кишилик жамоа шаҳридаги чойхоналарда йиғилиб, Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотига қўшилиш ниятида бўлган.
Жамоа аъзолари ўзаро «Байтулмол» шаклида пул йиғиб, уни тарафдорларига тақсимлаб келгани аниқланган. Тергов давомида жамоа аъзоларининг яшаш жойларидан диний экстремистик мазмундаги адабиётлар ва бошқа ашёвий далиллар топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.