Россиядаги элчихона ўзбекистонликларга мурожаат қилди
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси мамлакатда ноқонуний юрган ўзбекистонликларни ҳуқуқий мақомини зудлик билан ҳал қилишга чақирди.
Қайд қилинишича, Россия президенти фармонига кўра, 5 февралдан бошлаб Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан юритиладиган «назорат қилинадиган шахслар реестри» ишга туширилди.
Ушбу реестрга миграция қонунчилиги соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган чет эл фуқаролари киритилади. Мазкур реестрга киритилган чет эл фуқаролари Россиядан чиқиб кетиши ёки 30 апрелгача бўлган даврда ҳуқуқий мақомини қонунийлаштириши керак.
Бунинг учун ўзи истиқомат қилиб турган жойдаги Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органига ёки «ПВС» (Паспортно-визовый сервис) филиалига мурожаат қилиш шарт. Шунингдек, Москва шаҳридаги чет элликлар учун «Сахарово» кўп функцияли миграция марказига мурожаат қилиш талаб этилади.
Россия томони маълумотига кўра, «Амнистия» даврида ушбу фармонга биноан, чет эл фуқароларига нисбатан Россия ҳудудидан чиқариб юбориш, махсус сақлаш муассасаларга жойлаштириш ва кейинчалик Россия ҳудудига киришни чеклаш билан боғлиқ чоралар қўлланилмаслиги таъкидланмоқда.
Назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилган чет эл фуқароларига қуйидагилар тақиқланади:
— кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш;
— никоҳ тузиш;
— юридик ташкилот ёки фирмаларни ташкил этиш ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш;
— банк ҳисоб рақамларини очиш ва банк операцияларини бажариш;
— транспорт воситаларини бошқариш.
Россия ҳудудида ноқонуний юрган вояга етмаган чет эл фуқароларни таълим муассасалари (мактаблар ва болалар боғчалари) га қабул қилиш ҳам мумкин бўлмайди.