Газ ва электрдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида 98 млрддан ортиқ зарар етказилган

Ўзбекистонда 2025 йил бошидан буён газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши оқибатида 98,1 млрд сўм зарар етказилди. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, инспекция ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 358 та истеъмолчи томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда қоидабузарлик содир этиш ҳолатлари аниқланди.

Унга кўра 25,4 млн метр куб табиий газ (62,2 млрд сўм) ва 29,4 млн киловатт-соат электр энергиясидан (35,8 млрд сўм) ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига жами 98,1 млрд сўм зарар етказилгани маълум бўлди.

Ўтказилган назорат тадбирларида миқдори 370,8 тонна қиймати 6,3 млрд сўмлик нефть маҳсулотларидан белгиланган талабларга зид равшда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 342 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Хусусан, ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган ҳолатларнинг 142 таси электр энергияси, 200 таси эса табиий газдан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйилгани маълум бўлди.

Шунингдек, энергетика объектларида олиб борилаётган таъмирлаш ишларида инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан 37 та бригаданинг иш фаолияти ўрганилди. Ташкилий ва техник тадбирларни бажармасдан, хафсизлик техникаси қоидалари таълабларига риоя қилмаган 16 та бригада ишдан четлаштирилди.

Ўзбекистон