Самарқанд ва Хоразмда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди

Самарқанд ва Хоразм вилоятларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Жомбой туманидаги «Х.Б.» фермер хўжалиги раҳбари И.Х. сув насосини электр тармоғига рухсатсиз улаб, умумий қиймати 243,7 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Шунингдек, Шовот туманида фаолият юритувчи «Б.О.» фермер хўжалиги раҳбари Н.Б. ҳам сув насосини ўзлаштирилган тарзда электр тармоғига улаб, 205,6 млн сўмлик электр энергиясини ноқонуний ишлатгани аниқланган.

Бундан ташқари, Урганч шаҳрида жойлашган «Г.С.» МЧЖ раҳбари С.Х. ўз савдо дўконида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 102 млн сўмлик энергиядан ноқонуний фойдаланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон