Тошкентда 1,7 млрд сўмлик электр энергияси талон-торож қилинди

Тошкент шаҳрида 1,7 млрд сўмлик электр энергиясини ўғирлаган МЧЖ аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.

Департаментнинг Тошкент шаҳри бошқармаси, ИИББ ва «Ўзенергоинспексия» ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда аниқланишича, «К.Й.» МЧЖ масъул шахслари корхонанинг ишлаб чиқариш биносида ўрнатилган электр ҳисоблагичига ташқи таъсир кўрсатиб, тижорат мақсадида 2 млн кВт/соат электр энергиясидан ўғирлик йўли билан фойдаланган.

Бунинг натижасида давлат ва жамият манфаатларига 1,7 млрд сўм зарар етказганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тошкент