Ўзбекистонда кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри юритилади
Вазирлар Маҳкамасида 18 декабрь куни «Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини юритиш бўйича маъмурий регламентни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжат кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида рақобат муҳитини шакллантиришнинг таъсирчан механизмларини ҳамда кўп квартирали уйлардаги жойларнинг коммунал тўловлари бўйича ягона тўлов усулини яратиш мақсадида қабул қилинган.
Қарорда қайд этилишича, «Менинг уйим» биллинг тизими орқали кўп квартирали уйдаги жой мулкдорининг уникал рақамидан фойдаланган ҳолда табиий газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, ичимлик суви ва оқова сув ҳамда чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун коммунал тўловларни «ягона тўлов» тамойили асосида амалга ошириш имконияти жорий этилган.
Унга кўра, кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини шакллантириш ва юритиш ҳамда кўп квартирали уйларни бошқариш органларига бириктириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби белгиланди. Бунда талабгор ёки бошқариш органи сўровнома бериш учун Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали мурожаат этади.