Ўзбекистонда энг кўп ўқилган қонунчилик ҳужжатлари эълон қилинди
2025 йилнинг биринчи ярмида Lex.uz қонунчилик базасида Конституция ва асосий кодекслар ўқилган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳисоботида маълум қилинди.
Рақамларга кўра, Lex.uz платформасида жами 14 544 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлиб, уларнинг 541 таси фақат 2025 йилнинг январь-июнь ойларида қабул қилинган. Платформадан кунлик фойдаланувчилар сони 37–39 минг нафар атрофида.
Энг кўп ўқилган 10 та ҳужжат умумий ҳисобда 516,6 минг марта кўрилган. Рўйхатнинг юқори поғоналарини Конституция, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Меҳнат кодекси эгаллаган.
Шунингдек, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун бешинчи ўринда қайд этилган бўлса, ундан кейинги ўринларни «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси», «Таълим тўғрисида»ги қонун, «Йўл ҳаракати қоидалари» ҳақидаги ҳукумат қарори, маҳаллалардаги хавфсизлик бўйича президент қарори ҳамда хорижий тиллар сертификатини тан олишга оид Халқ таълими вазирлиги қарори эгаллаган.