Эрдўғон Трампнинг фаластинликларни кўчириш режасини танқид қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп бутун Ғазони бузиб ташлаш ва фаластинликларни у ердан кўчириш режаси ҳақида гапирганди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мазкур режани танқид қилди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.

Истанбулдаги Отатурк аэропортида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрдўғон Ғазо аҳолисини ўз ватанидан чиқариб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

Исроил администрацияси тинчликни доимий қилиш ўрнига янада маккорроқ ва шафқатсизроқ режалар тузмоқда… Америка маъмуриятининг сионист лоббилар таъсири остида Ғазо масаласида кун тартибига қўйган таклифлари, бизнингча, эътибор ва муҳокамага лойиқ эмас. Улар мутлақо бемаъни…

Эрдўғон Ғазо секторини ўз халқидан ажратишга қаратилган ҳар қандай уринишлар, қандай бўлишидан қатъи назар, муваффақиятсизликка учрашини билдирди. Туркия президенти минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётга эришиш учун вазиятни кескинлаштириш эмас, балки фаластинликлар ҳуқуқини тан олиш кераклигини айтди.

Жаҳон