Эронда WhatsApp ва Google Play тақиқдан чиқди

Эронда WhatsApp мессенжери ва Google Play иловалар дўконидан фойдаланишга қўйилган тақиқ олиб ташланди. Бу ҳақда IRNA давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Қарор Ахборот хавфсизлиги бўйича Олий кенгашда кўпчилик овоз билан қабул қилинган. 2022 йил сентябрда ҳижобни нотўғри ўраганликда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган Маҳса Аминийнинг ўлими ортидан мамлакатда норозилик намойишлари бошлангач, Эронда иккала хизмат ҳам блокланганди. Ўшанда Instagram фаолияти ҳам тўхтатилганди.

Эронда Instagram, Facebook, X (аввалги Twitter) ва YouTube блокдалигича қолмоқда. Мазкур платформалар 2009 йилда тақиқланганди. Telegram билан TikTok ҳам Эронда ишламайди. Мамлакатнинг янги президенти Масъуд Пезешкиён интернетдаги тақиқларни юмшатишга ваъда берганди.

Жаҳон