Туркияда ўрмон ёнғини оқибатида 10 нафар ўт ўчирувчи ва қутқарувчи ҳалок бўлди
23 июль куни Эскишеҳир вилоятида содир бўлган ўрмон ёнғини оқибатида камида 10 нафар ўт ўчирувчи ва қутқарувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда ҳақда манбаларга таяниб Al Jazeera хабар берди.
Маълумотларга кўра, кучли шамол натижасида алангалар йўналишини кескин ўзгартирган ва 24 нафар ўт ўчирувчи олов ичида қолиб кетган. Шифохонага етказилган фуқаролардан 10 нафари вафот этган. Ҳалок бўлганлар орасида беш нафар ўрмон ходими ва беш нафар қутқарувчи бор.
Маҳаллий BirGün нашри улар ёнғин ичида қолиб, «тириклайин куйиб кетганини» билдирган. Ҳодиса юзасидан икки нафар прокурор томонидан тергов ишлари бошланган.
Ёнғин аввалига Сакаря вилоятининг Гейве туманида бошланиб, кучли шамоллар таъсирида Билеcик вилоятининг Ўсманели туманига тарқалди. Бунинг ортидан бир нечта қишлоқлардан аҳоли эвакуация қилинди.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ижтимоий тармоқларда ҳодиса юзасидан таъзия билдирар экан, ҳалок бўлганларни «ҳаётлари эвазига ўрмонларни ҳимоя қилган қаҳрамонлар» деб атади.
Туркия Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмакли 24 июлда ҳам мамлакатда фавқулодда даражадаги иссиқ ҳаво ва кучли шамоллар давом этишини, барча фуқаролардан огоҳликни сақлашни сўради.
Шу тариқа, жорий йилда Туркияда ўрмон ёнғинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 13 нафарга етди. Июль ойи бошида Измир вилоятининг Одемиш шаҳри яқинида содир бўлган ёнғинда бир нафар кекса эркак ва икки нафар ўрмончи ҳалок бўлганди.