Ўзбекистонда Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-390-сонли Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, мамлакатда илм-фанни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар сифатини ошириш, олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш ҳамда Фанлар академияси илмий ташкилотларининг халқаро миқёсда рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида:
• янги илмий ишланмалар сони ва тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини 3 бараварга;
• илмий ходимлар таркибида ёшлар улушини 60 фоизгача оширилади;
• хорижий мамлакатларда фаолият кўрсатаётган илмий диаспорани Ўзбекистон илм-фанига реинтеграция қилинади;
• ёшларнинг академик фанларда иштирокини кучайтириш учун уларни рағбатлантириш тизимини яратилади.
Шунингдек, илм-фан ва саноат тармоқлари ўртасидаги ўзаро интеграцияни кучайтириш, Фанлар академиясининг янги ишланмаларини тижоратлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида юридик шахс макомига эга бўлмаган Фан ва саноат интеграцияси кенгаши ташкил этилади.
Бундан ташқари, 2026-йил 1-апрелдан Фанлар академияси ўз тизимидаги илмий муассасаларда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда илмий ходимлар фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КПИ) ва илмий муассасалар фаолият самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизимини жорий этади.
2026-йил 1-январдан илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади, — деб таъкидланди.
Мазкур қарор Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб беради. У Фанлар академияси фаолиятини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш, илмий тадқиқотлар сифатини ошириш ва уларнинг амалий натижадорлигини кучайтиришга қаратилган.





