Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва келгуси устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг реал натижалари ҳамда келгуси устувор вазифалар ҳақида аниқ факт ва рақамлар асосида маълумот берди.

Аввало президент, жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирлари узилган, хомашё ва молиявий ресурслар нархи ошган шароитда ҳам мамлакат иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этаётганини қайд этди.
Қайд этилишича, бу йил тарихда биринчи марта Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 145 миллиард доллардан ошган. Шу билан бирга бу йил экспорт 23% ошириб, 33,4 миллиард долларга етказилиши билдирилди. Энг муҳими, мустаҳкам молиявий база бўладиган олтин-валюта захиралари илк бор 60 миллиард доллардан ошган.
Бу йил иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9% ташкил этмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакат суверен рейтингини «BB -»дан «BB» поғонасига кўтарди.
Шунингдек, аҳоли фаровонлиги ва бизнесни ўстиришга хизмат қиладиган инфратузилмани янада яхшилаш бўйича ҳам 2025 йил катта ўзгаришлар йили бўлгани таъкидланди. Хусусан, энергетика соҳасида электр ишлаб чиқариш ҳажмини 85 миллиард киловатт-соатга етказилди.
Бу йил 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви кириб борди, яна 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Ёки 867 та «оғир» маҳалладаги 470 мингта хонадонга томорқаларни суғориш учун илк бор сув етиб борди.
Жорий йилда аҳолига 8 миллион 100 минг квадрат метрли, 135 минг хонадондан иборат кўп қаватли уйлар топширилмоқда. Бизнес вакиллари томонидан 24 миллион квадрат метр нотурар-жой объектлари барпо этилди.
Умуман, сўнгги тўққиз йилда 210 миллион квадрат метрли турар-жой ва нотурар-жой объектлари фойдаланишга топширилди.
Жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5% 4,9% тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айланди.
Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу йилдан бошлаб, 208 та боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизими жорий этилди.
Таъкидланишича, мамлакатда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди.
Энг муҳим ютуқлардан спортчиларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда эришган ғалабалари мамнуният билан таъкидланди. Бу йилги Ёшлар Параосиё ўйинларида жасорат ва матонат соҳиби бўлган спортчилар 125 та олтин, 77 та кумуш ва 52 та бронза медалини қўлга киритиб, иштирокчи давлатлар орасида энг юқори натижани қайд этди.





