Фирибгарлик ва одам савдосида айбланган 2 нафар шахс Грузиядан Ўзбекистонга қайтарилди

Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган икки нафар айбланувчи Грузиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур шахслар, Тбилиси шаҳри аэропортида Грузиянинг ваколатли органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол Миллий марказий бюроси вакилларига топширилган.

Хусусан, улар йирик миқдордаги фирибгарлик ва одам савдоси жиноятларини содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган.

Кейинчалик, икки томонлама ҳамкорлик натижасида Интерполнинг халқаро майдонларида бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар чоғида Тошкент ва Тбилиси Миллий марказий бюролари ўртасида қидирувдаги шахсларни Ўзбекистон томонига топширишга келишиб олинган эди.

Натижада, тергов материаллари асосида Грузия Адлия вазирлиги томонидан қидирувдаги шахсларни экстрадиция қилиш тўғрисидаги сўров қаноатлантирилди ва улар Тошкентга олиб келиниб, Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда жиноий хатти-ҳаракатлар содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш учун ИИБ ходимларига топширилди.

Ўзбекистон