Президент Сурхондарё вилоятига ташрифини Ҳаким Термизий мақбараси зиёратидан бошлади

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифини Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади, деб хабар қилди давлат-раҳбари матбуот хизмати.

Жумладан, қуръон тиловат этилиб, халқ ва юртга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо қилинди. Уламолар билан бўлиб ўтган суҳбатда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандош Ҳаким Термизийнинг маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ҳамда юртдошлар ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, муқаддас диннинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Кейинги йилларда таъмирланиб, янада обод ва гўзал мажмуага айланган ушбу табаррук масканда зиёратчилар учун барча шароит яратилгани билдирилди. Атроф ободонлаштирилиб, мақбарада ҳам катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Замонавий ёритқичлар, иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилди. Мажмуада микроиқлим яратиш учун тўрт мингдан ортиқ 40 турдаги кўп йиллик манзарали дарахт, 20 мингдан зиёд мавсумий анвойи гуллар экилган.

Ислом илмларининг тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, ислом фалсафаси, тасаввуф тарихи, тасаввуфий қарашлар каби соҳаларида кўплаб асар ёзган мутафаккир мажмуасини обод сақлаш, зиёратчилар учун қулайликларни кенгайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Ўзбекистон