Ўзбекистонда 2026-йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича «фавқулодда ҳолат» эълон қилинади

Мамлакат бўйлаб келгуси йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича жадал ишлар олиб борилиб, «фавқулодда ҳолат» эълон қилинади. Бу ҳақда давлат раҳбари Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида маълум қилди.

Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир! Бу иллатга курашиш бўйича 2026-йилда «фавқулодда ҳолат» эълон қиламиз,– деди президент.

Қайд этилишича, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Шунингдек, ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади.

Шавкат Мирзиёев, ушбу раҳбарлар – «тизимдаги нопок шахсларни аниқлаб, шунингдек, бюджет маблағи талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиб, президент олдида ҳисобот беришини» таъкидлади.

«Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди», деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг! Хавфсизлик хизмати, ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, бирорта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар коррупцияга шерик деб баҳоланишини ва жавобгарлик шунга мос ҳолда бўлишини маълум қилди.

 

Ўзбекистон