Ўзбекистонда Фуқаро авиацияси университети ташкил этилади
Ўзбекистонда аэропортлар бошқаруви соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлайдиган Фуқаро авиацияси университети барпо этилади. Бу ҳақда давлат раҳбари хабар берди.

Таъкидланишича, туристлар оқими тобора ошаётгани авиация ва темир йўлда йўловчи ташиш қувватини 2 баробар кўпайтиришни тақозо этмоқда. Шу боис, 2026-йилда авиапаркдаги ҳаво кемаларининг сони 120 тага етказилади.
Маҳаллий авиақатновларни ошириш учун субсидиялашнинг янги тизими жорий этилади. Энди нархидан қатъи назар, сотилган ҳар бир чипта учун аниқ миқдорда субсидия ажратилади. Бу чипта нархини пасайтириш ва талабни оширишга хизмат қилади.
Янги самолётлар учун учувчилар, уларга техник хизмат кўрсатувчилар, аэропортлар учун сервис ва бошқарув соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Фуқаро авиацияси университети ташкил этилади, — деб билдирилди хабарда.
Шунингдек, ички темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш учун 2026-йилдан яна 500 километр темир йўл қурилиши бошланади.
Келгуси йили 110 километр темир йўл тармоғи қурилиб, Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ҳамда Нурафшон шаҳри пойтахт билан боғланади. «Тошкент – Самарқанд» йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездлар учун янги темир йўл линиясини қуриш бошланади.





