Фармацевтикада стартап лойиҳаларни молиялаштирадиган венчур жамғармаси ташкил этилади
«Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Фармацевтика маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш мақсадида:
— маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг дори воситаларидан биттасини АҚШнинг “Food and Drug Administration” (FDA) ёки Европа Иттифоқининг “European Medicines Agency” (EMA) ташкилотларида рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатларининг 100 фоизи улар рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг қоплаб берилади;
— маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи улар рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг қоплаб берилади.
Қуйидагилар ташкил этилади:
— Фармацевтика соҳасининг биофармацевтика, ҳужайра технологиялари, онкология каби йўналишларидаги стартап лойиҳаларни молиялаштирадиган венчур жамғармаси;
— Фармацевтика тармоғининг истиқболли лойиҳалари инвестиция жамғармаси.
2025 йил 1 июлгача 5 та намунавий доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилади ва 2026 йил якунигача ушбу плантацияларда етиштирилган доривор ўсимликларни қайта ишлаш лойиҳалари ишга туширилади.
Фармацевтика корхоналари фаолиятига илғор стандартларни татбиқ этиш бўйича маркетинг ва консалтинг хизматларини кўрсатишга ихтисослашган “Pharm Service” давлат муассасаси ташкил этилади.