Ўзбекистонда экологлар учун фахрий унвон таъсис этилди

Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Мазкур унвон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш, биохилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни тиклаш соҳаларида муҳим ютуқларга эришган табиат ҳимоячиси фаолларга берилади.

Шунингдек, экологик тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишда, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва жойларни ободонлаштиришда, аҳолининг экологик маданиятини оширишда, ёш авлодни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашда, тизимда юқори малакали кадрлар тайёрлашда алоҳида ташаббускорлик кўрсатган соҳа мутахассислари ва бошқа вакиллари ҳам ушбу унвонга сазовор бўлиши мумкин.

Жамият