Филиппин қирғоқлари яқинида кема ҳалокати сабабли тўрт киши ҳалок бўлди
Филиппин қирғоқларида денгиз тубини чуқурлаштирувчи кема ҳалокатга учраши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Филиппин қирғоқ қўриқлаш хизмати маълум қилди.
Хизмат маълумотларига кўра, бортида 25 киши бўлган МВV Hong Hai 16 кемаси икки кун олдин Ғарбий Миндоро вилояти сувларида ағдарилиб кетган. Экипаж аъзолари орасида 13 нафар филиппинлик ва 12 нафар Хитой фуқароси бўлган. Улардан 6 нафар филиппинлик ва 8 нафар хитойлик қутқариб қолинган.
17 апрель куни қидирув-қутқарув ишлари давомида ғаввослар яна иккита жасадни топган. Шундан сўнг тасдиқланган қурбонлар сони тўрт кишига етди, яна етти нафар экипаж аъзоси бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, кемада 2 минг литрга яқин мой ва 30 минг литр дизель ёқилғиси бўлган. Ҳозирда эҳтимолий тўкилишни чеклаш ишлари олиб борилмоқда.