Филиппин собиқ президенти Родриго Дутерте ҳибсга олинди

Филиппиннинг собиқ президенти Родриго Дутерте Манила халқаро аэропортига қўнганидан сўнг Халқаро жиноий суд буйруғи билан полиция томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Эрта тонгда Манила Интерполи ХЖСдан ҳибсга олиш тўғрисидаги буйруқнинг расмий нусхасини олди. Айни пайтда Дутерте ҳибсда, – дейилади AFP агентлиги иқтибос келтирган президент девони баёнотида.

Суд Дутерте президентлиги давридаги гиёҳванд моддалар савдосига қарши амалиётлар билан боғлиқ эҳтимолий жиноятлар юзасидан тергов ўтказмоқда.

У бир неча бор гиёҳванд моддалар сотувчиларни жисмоний жазолашга чақирган ва ўзи гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи уч кишини ўлдирганини айтган. Мамлакатда у гиёҳванд моддалар савдосига қарши эълон қилган урушда, жумладан, суддан ташқари қатллар натижасида минглаб одамлар ҳалок бўлгани тахмин қилинади.

AFP Халқаро жиноий судга таяниб ёзишича, айни вақтда 79 ёшда бўлган собиқ президент инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳисоб-китобларига кўра, ўн минглаб киши, жумладан, гиёҳванд моддаларга алоқаси исботланмаган одамлар ҳам ҳалок бўлган қатағонлар туфайли инсониятга қарши жиноятларда гумон қилинмоқда.

Жаҳон