Ўзбекистон фуқароси АҚШ санкцияларига учради
АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) санкциялар рўйхатига тўрт нафар жисмоний шахс ва учта компанияни киритди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Санкциялар остига Matrix (Operation Zero, Россияда рўйхатдан ўтган), шунингдек Advance Security Solutions ва Special Technology Services (БААда фаолият юритувчи) компаниялари тушди.
Бундан ташқари, Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) рўйхатига Россия фуқаролари Сергей Зеленюк, Олег Кучеров ва Марина Васанович, шунингдек Ўзбекистон фуқароси Азизжон Мамашоев ҳам киритилди.
АҚШ ҳукуматининг маълум қилишича, Зеленюкка алоқадор компания 1,3 миллион доллар эвазига саккизта эксплойтни харид қилган. Ушбу эксплойтлар 2022–2025 йиллар давомида Австралия фуқароси Питер Уильямс томонидан ўз иш берувчиси АҚШнинг мудофаа соҳасидаги пудратчисидан ўғирланган.
Марина Васанович Зеленюкнинг ассистенти сифатида санкциялар рўйхатига киритилди, Special Technology Services эса унга бўйсунувчи компания сифатида қайд этилди.
Қўшма Штатлар расмийлари Азизжон Мамашоев Advance Security Solutions компаниясини назорат қилади, деб ҳисоблайди. Ушбу компания ҳам эксплойтлар савдоси билан шуғулланади. Ўз навбатида, Олег Кучеров Trickbot хакерлик гуруҳига алоқадор экани айтилади.





