Ўзбекистонликлар диний таълим олиш учун чет элга чақирувлардан огоҳлантирилди

Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон фуқароларини сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда диний таълим олиш учун чет элга чақириш ҳолатларидан огоҳлантирди.

Хусусан, Миср, Туркия, Саудия Арабистони ва Россия Федерацияси каби мамлакатлардаги диний таълим муассасаларига ўқишга боришга даъват этувчи чақириқлар ва реклама эълонлари кенг тарқатилаётганини таъкидланди.

Ушбу эълонларда таълим масканлари гўёки «қонуний» ёки «расмий» сифатида кўрсатилса-да, амалда улар Ўзбекистон Республикаси тегишли идоралари томонидан тан олинмаган ҳамда ўша мамлакатлардаги ноқонуний ёки рухсатсиз фаолият юритувчи ўқув марказлари ҳисобланади, — дейилади хабарда.

Аниқланишича, кўпинча «расмий диний таълим» иборасидан асосан кўпроқ талабгорларни жалб этиш мақсадида фойдаланишади.

Хавотирли жиҳати бундай чақириқлар, диний ақидапарастлик ва мутаассиблик ғояларини сингдириш, ёшларни нотўғри йўлга бошлаш ва уларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиши айтилди.

Шундан келиб чиқиб, фуқароларга расмий диний таълим фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимдаги таълим муассасаларида берилиши эслатилди.

Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 4 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолият кўрсатади. Шу билан бирга, 2018-йилдан буён ҳудудлардаги 28 та «Қуръон ва тажвид» курсларида 77 мингга яқин фуқаро таълим олган.

Шунингдек, диний идоранинг «muslim.tv» интернет платформасида барча ёш тоифалари учун мўлжалланган онлайн Қуръони тажвиди дарслари ташкил этилган.

Шу билан бирга, хорижий диний таълим муассасалари дипломлари Ўзбекистон ҳудудида диний соҳада фаолият юритиш учун асос бўлмаслиги, таълимдан сўнг ишга жойлашишда ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Ҳодисалар