Гарвард битирувчилари университетни қўллаш учун бирлашди
Гарвард университетининг 12 мингдан ортиқ битирувчиси Трамп маъмуриятининг университетга ажратилган $2,2 млрддaн ортиқ федерал молиялаштиришни чеклаш қарорига қарши чиқди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Битирувчилар қонуний ҳужжат сифатида судга amicus brief тақдим этдилар.
Қайд қилинишича, бу ҳужжат 1950—2025 йиллар оралиғида Гарвардни тамомлаган битирувчилар томонидан имзоланган бўлиб, мазкур бриф судга иш бўйича қўшимча маълумот берувчи учинчи томоннинг даъво аризасига юборилган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ҳужжат 9 июнь куни судга топширилган.
Битирувчилар бундай кенг қамровли қўллаб-қувватлаш Гарвард тарихида илгари кузатилмаганини қайд этдилар. Университет вакиллари ушбу жараён фақат Гарвардни эмас, балки академик эркинлик, федерал молиялаштириш ва кампус мустақиллигини ҳимоя қилишда барча олий ўқув юртлари учун муҳим намуна бўлишини таъкидламоқда.
Гарвард апрель ойида Трамп маъмуриятининг федерал молиялаштиришни музлатиш қарори юзасидан судга мурожаат қилган ва иш бўйича якуний қарорни тезлаштиришни сўраган. Ушбу масала бўйича дастлабки суд эшитувлари 21 июль куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Брифда битирувчилар ҳукуматнинг олий таълим муассасалари фаолиятига ноқонуний аралашувидан чуқур хавотир билдиришган. Улар бундай қарорлар таълим, ўқитиш ва фикрлаш эркинлигини чеклаши мумкинлигини таъкидлаб, бу каби ҳаракатларга қарши қатъий туришни талаб қилмоқдалар.