Суюлтирилган газ муаммоси бўйича раҳбарларга огоҳлантириш берилди
16 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев суюлтирилган газ етказиб беришдаги узилишлар ва энергетика тизимидаги муаммоларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Айрим ҳудудларда, хусусан, Андижон ва Сурхондарёда аҳоли мурожаатларининг катта қисми ушбу масалага тааллуқли бўлаётгани айтиб ўтилган.
Қайд қилинишича, йиғилишда суюлтирилган газ етказиб беришда 60–70 кунлик узилишлар кузатилаётганига эътибор қаратилган. Бу масалага икки ҳафта муддатда ечим топиш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, ёз кунларида электр энергиясига бўлган эҳтиёж ошиши фонида Энергия самарадорлик агентлигига берилган 100 млрд сўмлик маблағдан фойдаланиш, энергия истеъмоли юқори бўлган ходимларни аниқлаш ва уларга «яшил таъмир» дастури доирасида кредит ёки субсидия кўринишида ёрдам кўрсатиш режалари муҳокама қилинган.
Йил якунига қадар энергия сарфи юқори бўлган камида 100 минг хонадонни энергия самарадор технологияларга ўтказиш белгиланган.