Тошкент вилоятида 1,6 млрд сўмлик газни талон-тарож қилган цех аниқланди
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида катта миқдордаги газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди, деб хабар бермоқда Худудгазтаъминот матбуот хизмати.

Мазкур туманнинг «Ғалла қудуқ» МФЙ қурувчилар кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро ўзининг яшаш хонадонига туташ бинода гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цех ташкил этгани аниқланади.
Шунингдек, ушбу цех тегишли шартнома ва лойиҳа-техник ҳужжатларсиз табиий газ тармоғига уланиб олгани маълум бўлади.
Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, 1 млрд 603 миллион сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда, барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилгани билдирилди.





