Германия АҚШдан Typhon ракета тизимини харид қилади
Германия АҚШдан 2 минг км масофагача зарба бера оладиган Typhon мобил ер усти ракета тизимини сотиб олиш ниятида. Бу ҳақда Германия мудофаа вазирига таяниб ntv хабар берди.
Борис Писториус Вашингтонга ташрифи чоғида ушбу таклифни АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетга билдирган ва америкалик расмий бу сўровга ижобий муносабатда бўлган. Ракетанинг узоқ учиш масофаси Россия ҳудудининг бир қисмини ҳам қамраб олиши мумкин. Бироқ Германия томони Typhon тизимидан фақат мудофаа мақсадида фойдаланилишини таъкидлаган.
Typhon тизими (расмий номи Mid-Range Capability – MRC) — бу АҚШ армияси учун ишлаб чиқилган замонавий ер усти ракета платформаси бўлиб, у икки турдаги ракеталарни учира олади:
• Tomahawk қанотли ракеталари — 2 минг км масофага учади;
• СМ-6 ракеталари — тахминан 500 км масофадаги нишонларга зарба бера олади.
Тизим юк машинаси шассисига ўрнатилган бўлиб, юқори ҳаракатчанлиги сабабли қисқа вақт ичида исталган ҳудудга кўчирилиши мумкин. Бу душман ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига тушмасдан туриб зарба бериш имконини яратади.
Ҳозирда Typhon тизими Филиппинда жойлаштирилган. Европада эса уни 2026 йилда ўрнатиш режалаштирилган.
Қайд қилинишича, бу НАТО доирасида Европадаги мудофаа салоҳиятини кучайтириш мақсадида амалга оширилмоқда.