ДХХ ҳудудларда қарийб 100 кг гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда гиёҳвандлик моддалари айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказди.
Жумладан, хизматнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Сариосиё туманида яшовчи 1977 йилда туғилган муқаддам судланган шахс тожикистонлик наркокурерлар томонидан Узун тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 82 кг 478 гр опий моддасини олиб, маҳаллий фермер хўжаликларидан бирининг нотурар биносига яшириб қўймоқчи бўлган вақтида ушланди.
Аниқланишича, у 2 минг доллар хизмат ҳақи эвазига тожикистонлик наркосавдогарнинг кўрсатмасига асосан ушбу гиёҳвандлик воситасини келгусида белгиланган жойга етказиб бериши керак бўлган.
Наманган вилоятининг Косонсой туманида ўтказилган тезкор тадбирда 2001 йилда туғилган шахс синтетик гиёҳвандлик воситаларини «закладка» тарзида жойлаштираётган вақтида қўлга олинди.
Шунингдек, у ўз қайнонасининг яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилганлиги аниқланиб, тинтув тергов ҳаракатлари давомида ушбу манзилдан 9 кг 450 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Бундан ташқари, мазкур фуқаро томонидан мижозларга сотиш мақсадида хуфия жойларга қолдирилган жами 595 гр «Мефедрон» моддаси ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Бошқа ҳолатда эса Россиядан халқаро почта жўнатмалари орқали бошқа товар номи остида пластик идишда юборилган 7 кг 313 гр синтетик каннабиноид аналоги бўлган «5-Fluro-ADB» гиёҳванд моддаси қабул қилиб олинганда Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи 2001 ва 2002 йилларда Қашқадарё вилоятида туғилган 2 нафар шахс ДХХ ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Аниқланишича, улар WhatsApp мессенджери орқали танишган номаълум профиль эгаси топшириғига кўра, 500 доллар эвазига ушбу ажал оғусини Тошкент шаҳридан Самарқанд вилоятига етказиб бериши керак бўлган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур наркотик моддани Самарқанд вилоятида қабул қилиб олган вақтларида Пастдарғом туманида яшовчи, 2001 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ҳам ушланди.
Улардан бирининг Самарқанд шаҳридаги хонадони кўздан кечирилганда, синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун мўлжалланган яширин лаборатория ташкил қилинганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.