Гиёҳвандлик воситаларини дорихоналар орқали сотиш тартиби белгиланди

«Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш, сотиш ва ҳисобга олиш тартиби» тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу низом лицензия асосида гиёҳвандлик воситалари муомаласи билан шуғулланувчи юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади. Дорихоналардан гиёҳвандлик воситаларини шифокор рецепти асосида қуйидаги шахслар томонидан бериш мумкин:

— дорихона мудири;

— фармацевт (провизор);

— дорихона фармацевти ассистенти.

Гиёҳвандлик воситалари махсус пушти рецепт бланкаси орқали сотилади. Даволаш муассасаларига ушбу бланкалар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан тақдим этилади.

Шифокор рецептида фақат битта гиёҳвандлик воситаси ёзилиши ва миқдори етти кунлик эҳтиёждан ошмаслиги лозим. Рецептлар дорихонадаги махсус хонада беш йил давомида муҳрланган ҳолда сақланади.

Гиёҳвандлик воситалари захираси бир ойлик эҳтиёждан ошмаслиги шарт, бўлимларда эса уч кунлик эҳтиёж билан чекланади.

Қарорлар