Google компанияси жосуслик қилгани аниқланди
Android смартфон фойдаланувчилари ҳақида шахсий маълумотлар Google компаниясига юборилиши маълум бўлди. Бу ҳақида «Cybernews» нашри батафсил маълумот берди.
Компания таҳлилчилари Андроид асосидаги «Google Pixel 9 Pro XL» смартфонини харид қилиб, «тоза» аккаунт очди ҳамда кирувчи ва чиқувчи трафикни ўрганишга киришди. Аниқланишича, телефон ҳар 15 дақиқада Google серверлари билан боғланиб, фойдаланувчи ҳақидаги маълумотларни унга юбориб турган.
Хусусан, телефон мунтазам равишда ўз эгасининг жойлашган жойи, телефон рақами, электрон почта манзили, сўнгги ўрнатган иловалари рўйхати ҳақидаги маълумотларни компанияга юбориб туради.
Мутахассислар шунингдек, Android смартфон эгаси фойдаланмайдиган сервислар ҳақидаги маълумотларни юборишини ҳам аниқлашди. Масалан, ўрганувчилар тадқиқот пайтида телефон камераси ва галереясидан фойдаланмаган, бироқ қурилма фотосуратлар ҳақидаги хизмат бўйича компанияга маълумот юборган.
Бундан ташқари, синовдан ўтган қурилмада масофадан туриб бошқариш функцияси борлиги ҳам аниқланди.
«Бу дегани, компания, агар истаса, оддий фойдаланувчилар қурилмасидаги созламаларни назорат қилиб, бирон бир ҳаракатни амалга ошириши мумкин. Шунингдек, смартфон эгалари ўз қурилмалари устидан тўлиқ назоратга эга эмас.», — дейди Cybernews компанияси мутахассиси Арас Назаровас.