Сирдарёнинг Гулистон ва Ширин шаҳарлари чегаралари кенгаяди

Депутатлар Сирдарё вилояти шаҳарлари чегараларини ўзгартиришни назарда тутувчи қарор лойиҳасини маъқулладилар

Депутатлар «Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари, Гулистон, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги палата қарори лойиҳасини маъқулладилар.

Таклиф этилаётган чегара ўзгартиришларига мувофиқ, Гулистон туманидан 527,23 гектар ва Боёвут туманидан 582,0 гектар ер майдонини Гулистон шаҳри таркибига ҳамда Боёвут туманидан 638,77 гектар ер майдонини Ширин шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Гулистон ва Ширин шаҳарлари вилоятдаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланиб, чегараларнинг кенгайиши шаҳарда аҳоли зичлигини камайтиришга, транспорт қатновини яхшилашга, ҳудудда йирик лойиҳалар учун замин яратиб, хорижий ва маҳаллий инвестициялар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳудудда янги саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этишга, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида ўн минглаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли даромадларини оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилашга шароит яратади.

Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилди.

Натижада, ушбу масала юзасидан қарор лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон