Ўзбекистонда давлат хизматларининг 50% «сукут – розилик» тамойилига ўтказилади

Тадбиркорнинг аризаси белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда унинг фойдасига ҳал қилинган деб ҳисобланади

Тадбиркорликка оид давлат хизматларининг 50% «сукут – розилик» тамойилига ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилди.

Хусусан, ариза белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда тадбиркор фойдасига ҳал қилинган ҳисобланади.

Лицензия бўйича ариза рад этилган ҳар бир ҳолатни Бизнес-омбудсман ўрганади. Асоссиз рад қилиш учун жавобгарлик кучайтирилади.

Қайд этилишича, тез орада 30 дан зиёд фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатнома бекор қилинади, яна 35 тасини бериш муддати 2-3 карра қисқаради. 10 та рухсат хабардор қилиш тартибига ўтказилади.

Озиқ-овқат экспорти учун талаб этиладиган ветеринария, санитария ва фитосанитария рухсатномаларининг ўрнига ягона «Саломатлик сертификати» берилади. Янги лицензия ва рухсатнома жорий этишдан олдин у уч ҳудудда олти ой экспериментдан ўтказилади.

Тадбиркорлар мулкига ижро ҳужжатлари асосида тақиқ қўйиш билан боғлиқ эътирозлар ҳам кўплиги қайд этилди. Мазкур масалалар бўйича алоҳида учрашув ўтказилиб, тизимли ечимлар белгиланади.

Ўзбекистон