Озарбайжон Украинага 2 млн доллар гуманитар ёрдам ажратади
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Украинага 2 миллион доллар гуманитар ёрдам ажратилиши тўғрисида буйруқ чиқарди. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар берилган.

Украинага инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш учун Озарбайжон Республикасининг 2025-йилги давлат буджетида назарда тутилган 2 миллион АҚШ доллари қийматида маблағ ажратилсин, — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, маблағлар Озарбайжонда ишлаб чиқарилган электр жиҳозларини харид қилиш ва Украинага жўнатиш учун сарфланади.
Фармонда таъкидланишича, «сўнгги йилларда Украинада юзага келган вазият сабабли Озарбайжон ушбу давлатга бир неча бор инсонпарварлик ёрдамини юборган».
Шунингдек, Озарбайжон Республикаси инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, дунёнинг кўплаб давлатларига икки томонлама инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб келиши белгилаб ўтилди.





