Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига пора олган инспектор ушланди
Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилиб пора олган патруль-пост инспектори қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг патруль-пост хизмати инспектори фуқарога унинг Навоий вилоятида яшовчи танишини ҳайдовчилик имтиҳонидан ўтказиб, гувоҳнома олиб беришини айтган.
Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда инспектор пора сифатида $1,5 минг ҳамда кириш имтиҳони учун талаб этилган 1,9 млн сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



