Гватемалада автобус кўприкдан тушиши оқибатида 51 киши ҳалок бўлди
Гватемала пойтахтида йўловчи автобуси кўприкдан қулаб тушиши оқибатида камида 51 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Ҳодиса бир нечта транспорт воситасининг тўқнашуви туфайли содир бўлгани айтилмоқда. Автобус Гватемаланинг шимоли-шарқида жойлашган Прогресо шаҳридан келаётган бўлган. У 35 метр баландликдан оқова сувли жарликка қулаган. У ағдарилиб, ярмигача сув остида қолган. Бир неча киши жиддий жароҳат олган.
Таъкидланишича, 36 нафар эркак ва 15 нафар аёлнинг жасади топилган. Қурбонлар орасида болалар ҳам бўлган. Гватемала президенти Бернардо Аревало ҳамдардлик билдириб, мамлакатда миллий мотам эълон қилган. Ҳозирда автобус тормозининг носозлиги ҳодисага сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Автобус остидан қолган одамларни қутқариш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеа жойига фавқулодда хизматлар юборилган, йўл-патрул хизмати эса авария содир бўлган ҳудудда муқобил йўналишлар яратиш устида ишламоқда.