Президент «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонунни имзолади

Тошкент халқаро молия марказининг ишга туширилиши орқали мамлакатнинг жаҳон молия тизими билан интеграцияси чуқурлашиши кутилмоқда


Ўзбекистон Президенти “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонунни имзолади. Янги ҳужжат мамлакатда халқаро молия марказини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш учун ҳуқуқий пойдеворни белгилайди.

Қонунга мувофиқ, Тошкент халқаро молия маркази алоҳида ҳуқуқий мақомга эга ҳудуд сифатида фаолият юритади. Марказ фаолияти Англия ҳуқуқи тамойиллари асосида ташкил этилади ҳамда унда махсус тартибга солиш тизими, мустақил тижорат суди ва халқаро стандартларга мос ҳуқуқий муҳит жорий қилинади.

Бундай ёндашув халқаро инвесторлар, банклар, инвестиция фондлари ва молиявий институтлар учун яхши таниш бўлган ҳуқуқий механизмларни тақдим этади. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозорларидаги жозибадорлигини ошириш, йирик инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий молиявий хизматларни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Мутахассислар фикрича, янги ҳуқуқий режим мамлакатда инвестиция муҳитини янада мустаҳкамлаш, бизнес учун шаффоф ва барқарор қоидаларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистонни минтақавий молиявий хабга айлантириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Тошкент халқаро молия марказининг ишга туширилиши орқали мамлакатнинг жаҳон молия тизими билан интеграцияси чуқурлашиши, халқаро компаниялар учун янги имкониятлар яратилиши ва минтақадаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай платформа шаклланиши кутилмоқда.

Янгиликлар