Шавкат Мирзиёев Хитойдаги сув тошқини ва фабрикадаги ёнғин муносабати билан Си Цзиньпинга таъзия йўллади

Президент ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва далда сўзларини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Гуанси-Чжуан автоном районидаги сув тошқинлари ҳамда Фуцзян провинциясида юз берган кучли ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани, жиддий жароҳат олгани ва катта талафот кўрилгани муносабати билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга ҳамдардлик йўллади.

Давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Маълумот учун, Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном районидаги сув тошқини оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлди, бир неча фуқаро бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Шунингдек, Цзиньцзяндаги «Huiteng Shoes» компаниясига тегишли пойабзал фабрикасида ёнғин содир бўлди ва бунинг оқибатида 28 киши ҳаётдан кўз юмди. Фуцзянь провинцияси раҳбарияти фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, ҳодиса тафсилотларини аниқлаш ва айбдорларни муайянлаштириш учун тезкор штаб тузди.

Ўзбекистон