Ҳарбийларга ижарада турганлик учун тўланадиган ҳар ойлик компенсация миқдори оширилади
24 февраль куни «Ўзбекистон Республикаси президентининг айрим қарорларига ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарорга кўра, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилади. 2025 йил 1 июндан ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида 10 йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга тураржой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жой ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгиланади.
2025 йил 1 мартдан йил якунигача Қуролли кучларнинг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар доирасида турар жой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун:
— Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 4,8 бараваригача (1,8 миллион сўм) миқдорда;
— Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – БҲМнинг 3,6 бараваригача (1 миллион 350 минг сўм) миқдорда;
— бошқа шаҳарлар, туман марказлари ва аҳоли пунктларида – БҲМнинг 2,4 бараваригача (900 минг сўм) миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгиланди.
Оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.
2026 йилдан ҳар йили ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида тураржой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда, ҳукумат қарори билан белгилаб борилади.