Ҳарбий хизматчиларга турар жой ижараси учун тўланадиган компенсация миқдори оширилди
«Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, ҳарбий хизматчиларга турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўлаб бериладиган ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилди. Бунда пул компенсацияси миқдорларига қуйидагича ўзгартириш киритилди:
• Тошкент шаҳрида — БҲМ 4,8 бараваригача;
• Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида — БҲМ 3,6 бараваригача;
• республиканинг бошқа шаҳарлари, туманлар марказлари ва аҳоли пунктларида — БҲМ 2 бараваригача.
Шунингдек, 2025 йил 1 июндан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида 10 йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жойнинг ҳисобланган қиймати 35 фоизи миқдорида белгиланди.
Олдин мазкур миқдор барча учун 25 фоизни ташкил этган.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва ногиронлиги бўлган ҳарбий хизматчиларни биринчи навбатда турар жой билан таъминлаш, агар улар узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида турар жой билан таъминланган бўлса, қайтарилмаган кредит миқдори ва кредит бўйича ҳисобланган фоизлар Давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.