Ҳудудларда ҳарорат 46 даражагача кўтарилиши мумкин
2–5 июль кунлари Ўзбекистонга жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши, ҳарорат 46 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзгидромет» огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, 2 июлда шимол, жануб ва чўл ҳудудларида, 3–5 июль кунлари эса мамлакатнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 40–43 даражагача, айрим жойларда эса 44–46 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Шамол тезлиги 13–18 м/с, баъзи ҳудудларда эса 20–25 м/с гача кучайиб, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкентда ҳаво бироз булутли бўлиб, ҳарорат кечаси 21–23, кундузи 37–39 даражани ташкил қилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона водийси вилоятларида ҳам ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлиши, айрим ҳудудларда шамол кучайиши ва чанг-тўзонлар бўлиши прогноз қилинмоқда.
Тоғли ҳудудларда ҳарорат 28–33 даража атрофида бўлади.
Мутасаддилар аҳолини эҳтиёт бўлишга, очиқ қуёш остида узоқ вақт қолмасликка ва шамоллатиш воситаларидан фойдаланишга чақирмоқда.