Навоийда водород сульфид меъёрдан 16,8, аммиак 1,4 баробар ошгани маълум қилинди
Навоийда атмосферада водород сульфид ва аммиак миқдори меъёрдан ошгани аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
19 июль куни Навоий шаҳрида ҳавонинг ифлосланиши кузатилди. Аҳоли шаҳар ва унинг атрофида тутун пайдо бўлганини билдирган. Экология вазирлиги вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган таҳлиллар «Навоийазот» корхонаси ва саноат зонаси ҳудудида водород сульфид миқдори рухсат этилган меъёрдан 16,8 баравар, аммиак эса 1,4 баравар ошганини кўрсатди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, шаҳарда нафас олиш қийинлашган.
Бунга «Навоийазот» корхонаси чиқиндилари сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Корхона эса ҳодиса уларга алоқадор эмаслигини билдирган. Таъкидланишича, тутун аэропорт томондан шамол орқали шаҳар томон ҳаракатланган.
Шунга қарамай, Экология бошқармаси 20 июль куни корхонада текширув ўтказиш ва ифлосланиш сабабларини аниқлаш бўйича ҳужжатлар тайёрланаётганини маълум қилди.
Навоий вилояти Гидрометеорология бошқармаси лабораторияси маълумотларига кўра, шаҳар ичкарисидаги кузатув пунктларида ҳам ис гази, аммиак ва бошқа зарарли моддалар меъёрдан ошгани аниқланган. Текширув ишлари давом этмоқда.