Ўзбекистонда «Тоза ҳаво» лойиҳаси доирасида вазифалар белгиланди

Ўзбекистон президентининг «Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 – 2030-йилларда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган ушбу лойиҳанинг қуйидаги асосий мақсадлари белгиланган:

• атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5% камайтириш;

• атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналарда автоматик мониторинг станциялари ва чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатилишини таъминлаш;

• саноат объектларидан чиқадиган ташламаларни ушлаб қолиш улушини 32% етказиш;

• PM2,5 бўйича миллий меъёрлардан ошиш кузатилган кунлар сонини камайтириш;

• транспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10% қисқартириш.

Қолаверса, 2026-йил 1-июльгача Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятларида, 2026-йил 1-августгача Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, 2026-йил 1-октабргача Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида, 2026-йил 1-декабргача эса Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилади.

Шу билан бирга, 2026-йил 1-апрелдан Тошкент шаҳрида янги саноат зоналарини ташкил қилишга муддатсиз мораторий жорий қилинади (хизмат кўрсатиш ёки молиявий хизматларга асосланган зоналар мустасно).

Тижорат банклари орқали саноат корхоналарида яшил технологиялар, чанг-газ тозалаш ускуналари, автоматик мониторинг станциялари, энергия самарадор ускуналар ва локал сув тозалаш иншоотларини сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади.

Шунингдек, 2026-йил 1-майдан 2026-йил 1-декабргача атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналарда яшил технологиялар, чанг-газ тозалаш ускуналари, автоматик мониторинг станциялари, энергия самарадор ускуналар ва локал сув тозалаш иншоотлари ўрнатилади. Бунда Экология қўмитаси томонидан чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлиги махсус лаборатория синовлари асосида доимий равишда мониторинг қилиб борилади.

Фармонда транспорт тизимини экологик жиҳатдан такомиллаштириш борасида муҳим вазифалар белгиланди. Унга кўра:

• 2026-йил 1-майдан ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида «Автомобилсиз кун, ҳафта» акциялари ўтказиб борилади. Бунда мазкур акциялар доирасида фуқаролик давлат хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;

• 2026-йил 1-августдан аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида trade-in дастури доирасида эскирган автотранспорт воситаларини топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги транспорт воситаларини харид қилиш учун автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади.

Фармонга кўра, 2026-йил 1-апрелдан чанг бўронларининг олдини олиш учун Сурхондарё ва Сирдарёда камида 150 километр «яшил девор»лар барпо этилади. Фанлар академиясининг Ядро физика институти ва унга туташ бўлган 250 гектар ҳудудда ҳамда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети қаршисидаги Тошкент ва Қибрай туманларидаги 83 гектар ҳудудда дендрология боғлари яратилади.

Шунингдек, 2026-йил якунига қадар Тошкент шаҳрида 4 та сунъий кўл ва сув ҳавзалари қурилади. 2026-йил 1-апрелдан Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган давлат олий таълим муассасалари ҳудудида камида 1 та, жами 15 тагача фаввора қурилади, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида шаҳарсозлик нормаларидан келиб чиқиб камида биттадан фаввора барпо қилинади.

Бундан ташқари, ижобий синовдан ўтган хорижий тажрибани ўрганган ҳолда сунъий ёмғир ёғдириш ва сунъий шамол технологияси тегишли тартибда босқичма-босқич жорий этилади. Бунда, 2027-йил 1-октабрга қадар пойтахтнинг атмосфера ҳавосини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида намлиги паст бўлган ҳудудга керакли асбоб-ускуналар ўрнатилади.

Мазкур Фармон иқлим ўзгаришининг жадаллашиши, урбанизация, саноат ва транспортнинг ривожланиши натижасида атроф-муҳитга антропоген юкламани қисқартириш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, шунингдек, тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этишни рағбатлантиришга қаратилгани билдирилди.

Ўзбекистон