Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари замонавий тўқимачилик корхонасига ташриф буюрдилар
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида мамлакатдаги енгил саноат имкониятлари билан танишди.

Давлат раҳбарлари Бухоро вилоятидаги «Мергантекс» пахта-тўқимачилик кластери таркибидаги «Нигора» фабрикасига ташриф буюрдилар.
Қиймати 35 млн долларлик лойиҳа доирасида ташкил этилган фабрика пахта хомашёсини қайта ишлашдан тортиб, тайёр мато ва кийим-кечак тайёрлашгача бўлган узлуксиз ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйган.

Қайд этилишича, «Shoyigul» савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган тикув-трикотаж ва тайёр кийим маҳсулотлари асосан Европа мамлакатларига, хусусан, Италия, Австрия, Буюк Британия ва Германияга экспорт қилинмоқда. Бу ерда 840 та иш ўрни яратилган.
Корхонада халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий юқори технологик ускуналар Хитой, Германия ва Белгиядан олиб келинган. Иккинчи босқичда синтетик толалар ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Олий мартабали меҳмонлар корхонанинг шоу-румини ва тайёр маҳсулотлар намойишини кўздан кечирдилар.

Йилига 10 млн долларлик экспорт қилаётган фабрика маҳсулотларининг сифати Тожикистон делегацияси томонидан юқори баҳоланди.
Президентлар мамлакатларнинг илғор корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.





