Хитойда 35 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи қатл этилди
2024 йил ноябр ойида Хитойнинг Чжухай шаҳрида йўлтанламасда пиёдаларни босиб кетган Фан Вэйцю исмли 62 ёшли ҳайдовчи қатл этилди, деб хабар беради South China Morning Post (SCMP).
Хитой фуқаросига ҳукм 27 декабрда чиқарилган. Суднинг ҳисоблашича, Фан Вэйцю «жамоат хавфсизлигига таҳдид солган». У «даҳшатли» ва «шафқатсиз» жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Ҳодиса оқибатида 35 киши ҳалок бўлган ва 43 киши жароҳат олганди.
Фан Вэйцю машинасини 11 ноябр куни Чжухайдаги спорт маркази атрофида бўлган одамлар устига ҳайдаган эди. Ҳайдовчи жиноят содир этилган жойдан яширинишга уринган, аммо полиция томонидан ушланган.
SCMP’нинг маълум қилишича, Фан Вэйцю одамлар устига машина ҳайдаганидан кейин ўзига етказилган жароҳат оқибатида шифохонага ётқизилган. У ўз жонига қасд қилишга уринган. ОАВга кўра, эркак ажрашганидан кейинги мулкий можаро натижаларидан норози ҳолатда югуриш йўлакчасидаги одамлар устига машинасини катта тезликда ҳайдашга қарор қилган.