Ўзбекистонда ҳайвонларни мажбурий идентификация қилиш ва рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун кучга кирди
Ҳужжатга кўра, ит, мушук ва бошқа ҳайвонларнинг эгалари уларни белгиланган муддатларда рўйхатдан ўтказишлари шарт

Ўзбекистонда «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди.
Ҳужжатга кўра, мамлакат ҳудудида сақланадиган ва кўпайтириладиган ҳайвонлар қуйидаги муддатларда идентификация қилиниши ва рўйхатга олиниши керак:
• йирик шохли қорамоллар, қўйлар, эчкилар ва туялар — туғилган пайтидан эътиборан 14 кун ўтгач;
• отлар — туғилган пайтидан эътиборан тўрт ой ўтгач;
• чўчқалар — туғилган пайтидан эътиборан бир ой ўтгач;
• итлар ва мушуклар — туғилган пайтидан эътиборан уч ой ўтгач.
Агар ҳайвон эгаси кўрсатилган муддатларга улгурмаса, рўйхатдан ўтиш учун унда яна бир ой муддат қолади.





