Тошкентда ҳинд тилида ёзилган реклама пешлавҳаси демонтаж қилинди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат тиббиёт университети яқинида ҳинд тилида ёзилган реклама пешлавҳаси ўрнатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказилиб, реклама пешлавҳаси белгиланган тартибда рухсат ҳужжатларисиз, ноқонуний ўрнатилгани аниқланган.

Шунингдек, пешлавҳада «Давлат тили тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда ахборот бериш қоидаларига риоя этилмагани ва «Реклама тўғрисида»ги қонун талаблари бузилгани маълум бўлган.

Маълумот учун, қонунчиликка кўра, реклама ахборотлари Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида бўлиши, зарурат бўлса бошқа тилларда ҳам берилиши мумкин, бироқ бу ҳолатда ҳам давлат тилидаги матннинг устуворлиги сақланиши, реклама материаллари қонуний жойлаштирилиши шарт.

Аниқланган қоидабузарликлар асосида ноқонуний ўрнатилган реклама пешлавҳаси белгиланган тартибда демонтаж қилинди, — деб таъкидланди.

Тадбиркорлик субъектлари реклама пешлавҳалари, баннерлар ҳамда ташқи ахборот воситаларини ўрнатишда рухсат бериш тартибига, шунингдек, давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этиш ҳақида огоҳлантирилди.

 

Ўзбекистон