Ҳиндистонда 17 киши номаълум касалликдан вафот этди 

Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатларида тарқалган номаълум касаллик 17 кишининг, шу жумладан, 13 нафар боланинг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар бермоқда.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари карантин эълон қилиб, ўлим сабабини аниқлаш учун кенг кўламли текширувни бошлади. Жорий ҳафтанинг бошида мазкур ҳудудда 230 га яқин киши карантинга олинган эди.

Касалликнинг дастлабки ҳолатлари декабрь ойи бошида қайд этилган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси бир нечта қариндош оилаларнинг аъзолари бўлган. Жасадларни текширган шифокорлар уларда мия ва асаб тизимининг жиддий зарарланганини аниқлаган.

Терговга, шунингдек, Ҳиндистон федерал ҳукумати жалб қилинди. Соғлиқни сақлаш вазири Житендра Сингхнинг айтишича, дастлабки таҳлиллар ўлимга вирус ёки бактерия эмас, балки қандайдир заҳар сабаб бўлганини кўрсатган. Бироқ бундай кенг кўламли фожиани келтириб чиқарган модда ҳали топилмаганини таъкидлади.

Сирли касалликни ўрганиш жараёнида ғарбий Пуна шаҳри ҳокимияти касалликнинг бошқа турига дуч келди. Мазкур ҳудудда камида 73 та Гиен-Барре синдроми — организмнинг иммун тизими периферик асабларни зарарлайдигон камёб неврологик касаллик ҳолати қайд этилди. Беморларнинг кўпчилиги оғир аҳволда бўлиб, сунъий нафас олдириш аппаратларига уланган.

Жаҳон