Қорақалпоғистонда ҳоким ёрдамчиси имтиёзли кредит маблағини талон-тарож қилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманларида имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилган ҳоким ёрдамчиларига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақида ДХХ хабар бермоқда.

Улар Иқтисодий жиноятга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ўтказган текширувда гумондор сифатида қўлга олинган.

Жумладан,  Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси томонидан 33 нафар фуқарога имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тегишли тавсияномалар берилиб, улар номидан банкдан жами 1 млрд. 88 млн. сўм миқдорида кредит маблағларини ажратишга эришди .

Ҳоким ёрдамчиси ўзининг таниши бўлган фуқаро номига масъулияти чекланган жамият ташкил қилиб, амалда уни норасмий тарзда бошқарган. Бунда кредитга олинган пулларни гўёки турли хил маҳсулотлар харид қилиш учун мазкур МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказган ва нақдлаштириш орқали талон-торож қилган.

Бундан ташқари, у турмуш ўртоғи ва синглиси номига олинган жами 65,9 млн сўм кредитни ҳам мақсадсиз сарфлаб юборган.

Ҳозирда фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддалари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон