Халқ қабулхоналари ходимлари ишдан олинади
Президент Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Халқ қабулхоналари фаолиятидаги камчиликларни кескин танқид қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу тизим аҳолининг муаммоларини ҳал қилиш ўрнига, мурожаатларни ташкилотларга тақсимловчи «диспетчер»га айланиб қолган.
Йиғилишда 2024 йил давомида виртуал ва халқ қабулхоналарига юборилган мурожаатларнинг 55% и ижобий ҳал этилмаганлиги қайд этилди. Энг кўп мурожаатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари, судлар, ҳокимликлар, таълим ва экология соҳаларига тегишли бўлган.
Мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, Халқ қабулхоналарининг барча ходимлари бугунги кундан бошлаб ишдан бўшатилади. Эндиликда бу қабулхоналарга вилоят ва туман ҳокимларининг ўзлари раҳбарлик қилади ҳамда иш кунини аҳоли муаммоларини эшитиш билан бошлайди.
Президент ҳокимлар ҳар бир мурожаатни зудлик билан жойида ҳал қилиши кераклигини, бошқа ташкилотларга йўналтириш амалиётига чек қўйилишини таъкидлади. Шу мақсадда туман ҳокимларининг ваколатлари кенгайтирилади ва масалаларни ҳал қилиш учун қўшимча ресурслар ажратилади.