Нукусда ўқув машғулотларида портлаш юз берди: 10 нафар ҳарбий жабрланди

Нукусда амалий ўқув машғулотлари вақтида содир бўлган портлаш сабабли Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари жабр кўрди.

Қорақалпоғистон Республикаси Миллий гвардияси бошқармаси матбуот хизмати хабар беришича, ҳолат 10 сентябрь куни юз берган.

Хусусан, портлаш махсус ўқув портлатувчи воситасидан фойдаланиш жараёнида детонацион шнур ишга тушиб кетиши натижасида юз берган.

Машғулот иштирокчиларидан 10 га яқин ҳарбий хизматчи турли даражадаги тан жароҳатлари олишган. Уларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва ҳозирда кўрилган зарур чоралар натижасида ҳарбий хизматчиларнинг соғлиги тикланмоқда, — дейилади хабарда.

Ҳодиса юзасидан хизмат текшируви тайинланган ва ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон